Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида 105 мавсум очилиши. 10.09.2019

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида 105 мавсум очилиши.

1914 йил 15 январь куни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан ўз ижодий фаолиятини бошлаган театр дастлаб “Самарқанд мусулмон труппаси” деб аталган.

Шундай экан, республикамиздаги энг ёши улуғ театрга хуш келибсиз!

Театр жамоаси 2018 йил сентябрь ойида 104-ижодий мавсумни катта байрамона кайфият билан бошлаган эди  ва мавсум давомида томошабинларга 242 маротаба спектакллар ҳамда театрлаштирилган томошалар намойиш этиб, 118 фоизга режани бажарди. Шундан, 89 таси олис қишлоқларда, 18 таси хайрия спектаклларини ташкил этади.

Жамоанинг доимий томошабин олдидаги асосий вазифа илғор, замонга ҳамоҳанг, томошабин кўнглидаги спектаклларни тақдим этиш, шу аснода жамият кўзгуси бўлган театр саҳнаси орқали маданий савия, маданий тарбия дарсларини кенг жамоатчиликка сингдиришдир.

104-мавсум Буюк сўфий аллома Боборахим Машраб ҳаётига бағишланган Насрулло Қобилов асари асосида “Машраб” драмаси билан очилди ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Шу куни турк драматурги Жўжанўғли асари асосида саҳналаштирилган “Бўёқчи” спектакли премьераси кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб адибнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асари саҳналаштирилди.

104-мавсум режаси асосида 2018 йилнинг сентябрь ойида Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятида ўтказилган Самарқанд маданият кунлари доирасида театр жамоаси фаол иштирок этиб , декабрь ойида  мазкур вилоятга  ижодий сафар уюштирди. Хўжанд мусиқали драма театрида намойиш этилган “Бир ўлиб кўрайчи” спектакли қўшни мамлакат томошабинлари томонидан алоҳида эътироф этилди.

2018 йил декабрь ойида театр болажонлар ва ота оналар учун “Янги йил эртаги” томошаларини намойиш этди. Мазкур томошалар талабларга биноан январь ойи таътил кунларида ҳам тўлиқ намойиш этилди.

2019 йил январь ойида Ака ука Гримм асари асосида “Бремен созандалари” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.

Шу ой театр репертуарига яна бир залворли асар қўшилди. Маҳмуд Комилжонов асари асосида “Она юраги” спектакли премьераси бўлиб ўтди. Мазкур асар жорий йилнинг 10-16 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош!” Ўзбекистон театрларининг V-Республика кўрик-фестивалида қатнашди.

Шунингдек, фестиваль доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг   Мўйноқ ва Шуманай туманлар аҳолисига “Она юраги” (драма) спектакли намойиш этилди.

Муҳтарам Президентимизнинг маданият соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлари республикамизда ижод қилаётган барча санъат аҳлини рухлантириш баробарида янада қайноқ ижод қилишга ундади.  Жорий йилнинг 14 февраль куни Самарқанд театрларига яна бир қулайлик яратилди. Вилоятдаги 4 та давлат театрларига (Самарқанд вилоят мусиқали драма театри,  вилоят қўғирчоқ театри, вилоят рус драма театри, Каттақўрғон шаҳар драма театри) вилоят ҳокими томонидан “ISUZU” русумли автобуслар совға қилинди.

Март ойида “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан театрнинг ёзги павильонида 4 минг томошабинга мўлжалланган Наврўз сайли томошалари намойиш этилди. Сайлни янада жозибадорлигини ошириш мақсадида театр ижодкорлари ва миллий эстрадамиз юлдузлари ҳам жалб этилди.

Шунингдек, март ойида “Халқаро театрлар ҳафталиги” доирасида театр репертуаридаги спектакллар ва театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.

Ҳафталик доирасида театрнинг 3 нафар ижодкорлари вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Театр жамоаси  жорий йилнинг апрель ойида Термез шаҳрида бўлиб ўтган I-чи “Халқаро Бахшичилик Санъати” фестивалида  фаол  иштирок этиб  қайтди.

Жорий йилнинг 12 апрель куни Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб “Мирзо Улуғбек” (тарихий драма) спектакли томошабинларга намойиш этилди.

Спектаклда бош қаҳрамон, яъни Мирзо Улуғбек образини Франциянинг “Комеди францез” театри актёри Франсуа Шато ижро этди.

Спектакль намойишида Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси рахбари Ф.Брессан ҳамда Ўзбекистондаги Франция элчихонаси вакиллари иштирок этишди.

Май ойида Самарқанд вилоят мусиқали драма театри жамоаси Қозоғистон республикасининг Чимкент ва Сайрам шахарларига ижодий сафар уюштирди. Қозоғистонлик томошабинларга “Бир ўлиб кўрайчи” спектакли намойиш этилди. Ижодий сафар жараёнида Ўзбек ва Қозоқ халқлари ўртасидаги ўзаро дўстона алоқаларни ривожланишида қўшаётган ҳиссаси учун: Самарқанд вилоят мусиқали драма театри директори Камолиддин Каржовов Қозоғистон Республикаси ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Дўстлик” медали ҳамда Туркистон вилояти ўзбеклари этномаданий бирлашмасининг “Жамият жонкуяри” медали билан ва театрнинг барча ходимлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

2019 йилнинг июнь ойида театр жамоаси пойтахтимизда ижодий сафарда бўлиб қайтишди. Миллий академик драма театрида “Бир ўлиб кўрайчи” спектакли намойиш этилди.

104-ижодий мавсум давомида театр жамоаси ўнлаб хорижий делегацияларни қабул жараёнида иштирок этди. Бундан ташқари халқ сайиллари, халқаро фестивалларда фаол иштирок этди. Масалан Термизда ўтказилган Халқаро бахшичилик фестивалида муносиб иштироки учун фестивалнинг Ташкилий қўмитаси томонидан театримизнинг 5 нафар ходимига фахрий ёрлиқлар топширилди.

Жорий йилда театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят бюджет маблағлари ҳисобидан 233 млн. сўмлик янги саҳна либослари учун маблағ ажратилди.   

8 декабрь Кониституция куни, 3 декабрь Ногиронлар куни, 10 декабрь Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни, Янги йил байрами, Захириддин Бобур таваллуди куни, Алишер Навоий хазратлари таваллуд куни, Амир Темур таваллуд куни, Мирзо Улуғбек таваллуди куни, 8 март Халқаро хотин- қизлар куни, 1 июнь Халқаро Болаларни ҳимоя қилиш кунлари муносабати билан ҳамда ёзги болалар орормгоҳларида театр жамоаси томонидан махсус томоша ва тадбирлар ташкил этиб, фаол иштирок этиб келмоқда.

Театр жамоаси августь ойи охирида ЮНЕСКО шафелиги доирасида бўлиб ўтган Халқаро конгресс  иштирокчилари учун “Боғишамол  гарден”да катта театрлаштирилган томоша уюштириб, барча хорижлик меҳмонлар олқишига  сазовор бўлди. 

Давлат мустақиллигимизнинг 28 йиллиги тантаналари муносабати билан Республикамиздаги театр санъатини ривожлантиришдаги фидойи меҳнатлари учун театрнинг драма актрисаси Гулистон Жабборова Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Айни кунларда президентимиз Шавкат Миромонович ташаббуслари билан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 10 сентябрь куни ўтказилиши белгиланган “Халқаро ҳунармандлар фестивали”да отахон театримизнинг 20 га яқин ходимлари, актёр ва режиссёрлари фаол иштирок этишмоқда.

 Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан  Самарқанд вилоят мусиқали драма театри қошида “Саҳна нутқи ва маданияти” ҳамда “Ёш режиссёр” ижодий клублари ташкил қилинди.

Ҳурматли меҳмонлар! Самарқанд вилоят мусиқали драма театри ўзининг босиб ўтаётган 100 йилликдан ортиқ манзилини фақат жамият кўзгуси бўлиш, маънавий юксалишга ошиқтириш мақсадида камарбаста бўлиб келмоқда.

Янги 105-мавсумда ҳам кўплаб сюрпризлар, совғалар, томошалар режалаштирилган.

Улардан, яқинда бўладиган Вильям Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедияси премьерасига оз қолганини сўзим исботи сифатида айтиб ўтмоқчиман. Театрга келинг, театрни ташвиқ этинг, зеро бу маскан ҳам зиё масканларидан биридир.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Manzillar

Samarqand viloyati
musiqali drama teatri
Manzil Samarqand shahri, Ko'q saroy maydoni 3 uy
Telefon: (93)353-67-06, (97)577-67-06
E-mail: samteatr@bk.ru

Самарканд вилояти мусикали драма театри

2022 © samteatr.uz
Samarqand viloyati
musiqali drama teatri

Powered by LIFECOM