Samarqand viloyati
musiqali drama teatri



Театр тарихи

 Самарқанд театри 1914 йил 15 январида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан ўз ижодий фаолиятини бошлаган.

     Театр дастлаб “Самарқанд мусулмон труппаси” деб аталган. 1914-1918 йилларда эса  “Самарқанд мусиқа, драма ва адабиёт дастаси” деб юритилган.

     1922 йил 24 февралидан бошлаб “Самарқанд ўзбек труппаси” номи билан шаҳар маориф бўлими ихтиёрида ишлай бошлаган эди.

     Театрда 1914-1920 йилларда қуйидаги асарларни саҳналаштирган: “Мазлума хотин”, “Эски мактаб, янги мактаб”, “Бахтсиз йигит”, “Жувонбозлик қурбонлари”(Ҳ.Шукурулло), “Аршин мололан”, “Эр ва хотин”, “Униси бўлмаса, буниси”, “Асли ва Карам” (У.Хожибеков), “Рашкчи эр” (А.Ратковиский), “Ўн беш яшар ўсмир”, “Бахтсиз йигит” (Номэк Камол), “Темур сағанаси” (А.Фитрат),  “Жувонмарг”, “Номоз ўғри”, “Аҳмоқ”, “Аравакаш”, “Шўринг қурсин”, “Миркомилбой”, (А.Бадрий), “Бахтсиз куёв” (А.Қодирий), Х.Абдурасулов, А.Миржалолов, Г.Бауэр ва бошқа бастакорлар бу асарларга мусиқалар басталаган.

     Миллий чегараланишдан сўнг пойтахтга айланган Самарқандда “Ўлка Намуна Сайёр” труппаси ташкил қилиниши билан Самарқанд ўзбек театри “Кўк кўйлак” агиттеатри номи билан фаолият юрита бошлаган. Мазкур жамоага Толибжон Содиқов, Зиёдулла Шаҳидий, Гавриэль Муллақандов, Бақо Тожиев, Ғани Абдуллаев, Дони Зокиров, Набижон Ҳасанов каби таниқли актёрлар, бастакорлар ва режиссёрлар келиб қўшилди.

     Ўтган асрнинг ўттизинчи-қирқинчи йиллари Самарқанд ўзбек театрининг тараққиёти учун муҳим босқич бўлди. Шу йилларда кўйидаги машҳур асарлар саҳна юзини кўрди: “Амирича”, “Фарҳод ва Ширин”, “Маликаи Турандот”, “Ғунчалар”, “Рустам”, “Уйғониш”, “Майсаранинг иши”, “Адолат”, “Бой ила хизматчи”, “Нурхон”, “Гулсара”, “Ҳаёт қўшиғи”, “Оила номуси” кабилар.

     1934 йилда театр, рус драма театри билан бирлаштирилиб, шоир А.Лоҳутий номи берилган ва Бирлашган Давлат театри деб аталган.

     1944 йил театрга бахт ва шодлик куйчиси, оташин шоир Ҳамид Олимжон номи берилди ва ўзбек Давлат мусиқали драма театрига айланирилди.  Шу йили театрнинг биринчи мусиқали асари “Тоҳир ва Зуҳра” спектакли намойиш этилди.

      Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда театрда йирик ижодий ҳаёт бошланди. “Бой ила хизматчи”, “Холисхон”, “Қутлуғ қон”, “Алишер Навоий”, таржима асарлардан “Сепсиз қиз”, “Момақалдироқ”, “Ревизор” каби асарлар алоҳида аҳамиятга эга.

     1964 йилнинг 18 августида сўнгги бор қайта ташкил қилиш бўлиб ўтди ва  театр соф драматик жанрга кўчди ва ҳозирги биноси барпо этилди.   

     1992 йил театр Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд Давлат драма ва мусиқа театрига айлантирилган.

     2016 йил Вазирлар Маҳкамасининг буйруғига асосан театр Самарқанд вилояти мусиқали драма театрига айлантирилди.

     Самарқанд театри 100 йиллик тарихга эга бўлиб, ижодий фаолияти давомида турли мавзу ва жанрлардаги тарихий, миллий замонавий ва жаҳон классика асарларини саҳналаштирилиб, томошабинлар ва мутахассислар эътиборига сазовор бўлиб келаётган ижодий жамоалардан ҳисобланади.

     Мустақиллик йилларида театрда янгича ижодий изланишлар олиб борилди. “Самарқанднома”, “Буюк Темур”, “Ипак йўли”, “Беҳбудий” каби йирик асарлар саҳналаштирилди.

     Охирги 3 йил давомида театр ижодий ҳаётида бурилиш ясалди. Театрда “Мирзо Улуғбек”, (М.Шайхзода), “Ака-укалар” (“Қобил ва Ҳобил” Ж.Байроннинг “Cain” асари асосида), “Имон” (Иззат Султон), “Самарқанд сайқали” (И.Мирзо), “Эдип” (Софокл ва Сенека), “Кўчки” (Тунжар Жўжан ўғли), “Меҳридарё” (Нурилло Аббосхон),  “Машраб” (Насрулло Қобилов), “Дуэль” (Мар Байжиев), “Кузнинг биринчи куни” (Ўлмас Умарбекор), “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” (Чингиз Айтматов)  каби йирик тарихий ва жаҳон классик асарлар саҳналаштирилди.

Manzillar

Samarqand viloyati musiqali drama teatri
Manzil: Samarqand shahri, Ko'p saroy maydoni 3 uy
Telefon/Faks: (0366) 235-51-54, 235-17-60
E-mail: samteatr@bk.ru

Самарканд вилояти мусикали драма театри

2019 © samteatr.uz | Samarqand viloyati musiqali drama teatri