Musical drama
theater of Samarkand region

  • Telephone/Fax: (0366) 235-51-54, 235-17-60


"Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" Самарқанд мусиқали драма театри саҳнасида 12.11.2018

 

Қирғизистон халқ ёзувчиси  Чингиз Айтматов таваллудининг  90 йиллиги республикамизда  кенг нишонланаётган шу кунларда  адибнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асари ёш режиссёр Ҳасан Бурҳонов (Тожибой Исроилов ҳамкорлигида ) томонидан  Самарқанд вилоят мусиқали драма  театри саҳнасида қайта жонланди.

Парда очилиши билан саҳна юзасида мовий денгиз намоён бўлади Очиқ денгизда  биринчи бор чиқкан  жажжи Кириск (Элбек Бойматов), йўлдан адашган қайиқ, кун билан туннинг йўқолган фарқи,  вазият чатоқлигини билиб колиб жажжи Кирискнинг яшаб қолиши, эсон-омон соҳилга етиб бориши ва наслини давом эттиришини ўйлаган  Ўрхон бобо (Жўрабек Ёрқулов) айнан озиқ-овқат масаласида етишмовчилик бўлиши, яқин кунлар ичида ҳаммалари оч-наҳор қирилиб кетишини билиб, энг биринчи ўзини ўзи чўктиради. Кейин амакиси Милхун (Сардор Низомов), ундан сўнг эса отаси Эмрайим (Фарид Расулов ) шу ишни такрорлайди. Улар фақатгина жажжи Кирискнинг яшаб қолиши, эсон-омон соҳилга етиб бориши ва наслини давом эттиришини ўйлашган эди. Кириск чексиз азоблар гирдобида қолса-да ўзидаги метин иродаси билан  эртанги кунга бўлган ишонч билан яшашга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон маданият вазирлиги репертуар –таҳририят шўъба мудири , таниқли драматург Ҳайитмат Расул:

             - Дарҳақиқат, атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки ўзбек халқининг ҳам севимли”, “Жамила”, “Асрга татигулик кун”, “Оқ кема” каби кўплаб  асарлари халқимиз томонидан севиб мутолаа қилиниб, китобхонлар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган. Ана шулардан бири ҳозиргина  биз саҳнада томоша қилган “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” дир.  Спектакль  инсонда сабр-тоқат, чидам-бардош, метин ирода, ҳар қандай машаққатни ҳам енгиб ўтиш мумкин, деган туйғу-тушунчаларни тарбиялаши билан  аҳамиятлидир. Асарни саҳнага олиб чиққан ижодий жамоага муваффақиятлар тилайман.

        Самарқанд вилоят маданият  бошқармаси бошлиғи  ва театрнинг бадиий раҳбари Баҳодир Шарофов:

          - Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовтаваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори улуғ адиб хотирасига кўрсатилган юксак эътибор намунасидир. Биз, театр бадиий кенгаши  аъзолари билан келишиб,адибнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асарини  саҳналаштиришга қарор  қабул  қилдик  ва бугун театримизнинг ёш иқтидорли актёрлари ижросидаги мазкур спектаклни эътиборларингизга ҳавола этдик.  Ҳакикатдан хам  бу асар ҳар бир томошабинни чуқур ўйга толдириши, арзимас қийинчиликка дуч келиб, тушкунликка тушиб қоладиган кишиларга чинакам ўрнак бўлиши, бугунги тинч ва осуда кунларимизга шукрона келтиришга ундаши шубҳасиз,деб ӯйлайман.

Театр директори вазифасини бажарувчи Камолиддин Қоржовов:

       - Албатта, спектакль камчиликлардан холи эмас , саҳна  декорациясини қайта кўриб  чиқишимиз  керак бўлади. Томошабин  парда очилиши билан    кенг ва бепоён  денгиз  ва унда ҳаракатланаётган кемани кўриши  кераклигини хаммамиз англаб олдик.  Актёрларимиз  ижро давомида йўл қўйган  айрим камчиликларни тинимсиз машқ туфайли тузатишади,деган умиддаман.

  Тақдимотда  иштирок этган  вилоят зиёлилари, талаба ва журналистлар , таниқли  драматурглар Жўра Мурод ва Маҳмуджон Комилжоновлар  театр ижодкорларини   янги асар билан табриклаб, ижодий ишларига ривож тилашди.

 

Contacts

Musical drama
theater of Samarkand region
Adress Samarkand city, Kuk saroy square 3
Telephone/Fax: (0366) 235-51-54, 235-17-60
E-mail: samteatr@bk.ru

Самарканд вилояти мусикали драма театри

2019 © samteatr.uz
Musical drama
theater of Samarkand region

Powered by LIFECOM